Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистондаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида ижобий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, энг муҳими, ана шу шиддатли ўзгаришларнинг марказида инсоннинг қадри, асосий ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини таъминлаш масаласи тургани эътиборга молик. Бош қомусимизнинг 13-моддасида таъкидланганидек, “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади” дея алоҳида бандда кўрсатиб қўйилганининг ўзиёқ, бу юртда туғилган ҳар бир инсон дунёга келиши билан мана шу олий ҳуқуққа эга бўлади. Бу эса юртимизда инсон қадри ва манфааатлари жуда юксак даражада эканлигидан далолатдир. Бугунги кунда халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаёт кечириши ҳамда унинг барча қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан суд соҳасида ҳам бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди.
Маълумки, мустақил ва холис судни талаб қилиш ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ҳисобланади. Ҳаттоки бу ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон декларациясининг 10-моддаси ва Ўзбекистон Республикаси қўшилган бошқа халқаро ҳуқуқ ҳужжатларида алоҳида банд билан белгилаб қўйилган. Бу бежиз эмас. Негаки, фақат мустақил судгина ҳар бир фуқаронинг ишини судда холис ва ошкора кўриш орқали топталган ҳақ-ҳуқуқларни ҳимоя қилиши мумкинлигига ишонч уйғота олади. Бу жиҳатдан Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга замин яратди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги 2023 йил 16 январдаги Фармонига асосан 2023 – 2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ишлаб чиқилди. Ушбу стратегиянинг асосий вазифаларига эътибор қаратар эканмиз, инсон шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш энг асосий мақсадлардан бири эканлигига гувоҳ бўламиз. Унга кўра:
«Инсон қадри учун» ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш;
адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш;
фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш;
судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш;
судьялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш стратегиянинг асосий вазифалари сифатида белгилаб қўйилди. Президентимизнинг “Халқ давлат идоралари учун эмас, давлат идоралари халқимиз учун хизмат қилиши керак”, деган ғояси замирида ҳам инсон ҳақ-ҳуқуқлари, манфаатлари муҳимлигига урғу бор.
Кўриниб турибдики, Янги Ўзбекистонда ислоҳотларнинг долзарб бўғини бўлган қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш борасида стратегик қадамлар ташланмоқда. Шубҳасиз, бу туб ўзгаришлар халқ манфаатлари йўлида олиб борилаётган амалий ишларнинг ифодасидир.
Қорақалпоғистон Республикаси
Маъмурий судининг судьяси Р.Жумабаев