Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини «Инсон қадри учун» тамойили асосида янги босқичга кўтариш, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шу йилнинг 10 июнь куни имзоланган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент Фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга хизмат қилади.
Мазкур фармонга мувофиқ Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан таъминлаш вазифаси юклатилди. Хўш, тергов судяси ўзи ким? Тергов судяси – жиноят ишларини юритишнинг судга қадар бўлган босқичларида фаолият олиб борувчи, айблов ва ҳимоя тарафининг ҳаракатларини мувофиқлаштириб ва назорат қилиб турувчи ҳамда уларнинг ўз ҳуқуқ ва ваколатларини амалга оширишлари учун зарурий шарт-шароитларни яратиб берувчи масъул мансабдор шахс ҳисобланади.
Ваколат доирасига кўра, тергов судяси зиммасига Ўзбекистон Республикаси ЖПКда кўрсатилган ишни судга қадар юритиш жараёнида суднинг қарори (ажрими) талаб қилинадиган процессуал ҳаракатлар бўйича суд ваколатларининг барчаси ўтказилади.
“Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармонига биноан 2025 йил 1 январдан:
- жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар — тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартибини жорий этиш;
- жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини киритиш;
- жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгилаш;
- тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини бериш;
- тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартибини сақлаб қолиш белгиланган.
Шунингдек, тергов судьясига қуйидаги жиноят материалларини, шу жумладан санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилади:
- қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;
- қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлик, илтимоснома;
- паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;
- мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;
- почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
- тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;
- телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;
- мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
Қуйидагилар бўйича мажбурлов чоралари:
- айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;
- шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;
- айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;
- ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш тўғрисидаги илтимоснома;
Фармонга кўра, тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, умуман тергов жараёнларидаги турли қонунбузилишларнинг олдини олиш учун терговчи ва айбланувчи (гумонланувчи) ўртасида турадиган холис процессуал мавқега эга, мустақил мансабдорнинг пайдо бўлишига зарурат бор эди.
Жиноят-процессуал қонунчилигида тергов судьяларининг жорий этилиши эса судга қадар тергов жараёнларида инсон ҳуқуқларини таъминлашда катта имкониятлар яратади.
Қорақалпоғистон Республикаси
маъмурий судининг судьяси Р.Жумабаев