Нукус тумани ҳокими Зиёатдин Зайтов бошчилигидаги делегация аъзолари тажриба алмашиш мақсадида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, қайта ишлаш ва томорқалардан самарали фойдаланиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиш борасида Фарғона вилоятида хизмат сафарида бўлди. Амалий ташриф давомида делегация аъзолари Фарғона вилояти Қува туманидаги кўчатчилик масканларида бўлиб, бу ердаги етиштирилган мева кўчатлари ва янги барпо этилаётган боғ масканлари билан яқиндан танишди. Делегациянинг навбатдаги ташриф объекти Қува тумани “Томорқа ер участкаларидан самарали фойдаланиш илмий-амалий маркази” фаолияти кўздан кечирилди. Бу ерда 395 гектар ер майдонига пиёз, ўрик, нок, шафтоли ва бошқа меваларни парваришлаб, Россия, Хитой ҳамда Корея давлатларига 1,5 миллион долларлик экспорт қилинади. Шундан сўнг “YINGAI AGRO CUL URAL FOOD TECHNOLOGY” ишлаб чиқариш корхонасида бўлди.
У ердаги шароитлар ва иш жараёни билан танишди. Корхонада мева ва узум маҳсулотларини қуритиб ҳамда қадоқлаб хорижий давлатларга ҳар йили 300 миллион долларлик экспорт қилинмоқда. Шу билан бирга, “Фрунс грант” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, 37 гектар майдонга томчилатиб суғориш технологияси орқали интенсив боғ етиштирилиб, бу ердаги етиштирилган мева маҳсулотлари Россия, Норвегия давлатларига экспорт қилиш йўлга қўйилган. Олтиариқ туманидаги “Хайрулла Бахром Байматов” кўп тармоқли фермер хўжалигида бўлиб, бу ерда 75 гектар майдонга экилган узум навлари билан танишди. Жумладан, мерс, аватар, хусайни, маникюр узум навлари етиштирилиб, фермер хўжалиги томонидан 2 миллион долларлик маҳсулотлар Россия давлатига экспорт қилинмоқда. Мазкур корхона томонидан амалга оширилаётган ишлар делегация аъзоларида ижобий таассурот қолдирди. Ташриф якунида Нукус туманида Фарғона вилояти тажрибаси асосида янги узум навлари ва боғдорчиликни ривожлантириш бўйича ўзаро келишиб олинди.




