Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда ислоҳотларни амалга оширишда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ўрни ва аҳамияти катта бўлди. Бунда Ҳаракатлар стратегияси мамлакатни ислоҳ қилиш, демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этиш, барча соҳаларда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, давлат ва жамият хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш, миллатлараро тотувликни таъминлашда ҳақиқий дебоча вазифасини бажариб берди.
Ҳаракатлар стратегияси доирасида давлат ва жамият тараққиётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида 300 га яқин қонун, 4 мингдан ортиқ Президент қарорлари қабул қилинди.
Эндиликда, босиб ўтилган йўл ва орттирилган тажрибалар, эришилган ютуқ ва камчиликларни чуқур таҳлил қилиш орқали “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ҳолда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, мамлакат тараққиётини жадаллаштиришнинг муҳим устуворликлари ҳамда аниқ марраларини белгилаш вазифаси олдимизда турибди.
Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойилига асосан ишлаб чиқилган ҳамда Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми сифатида “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси қабул қилинди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш энг устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Бунинг учун бир нечта зарур мақсадлар назарда тутилган.
Жумладан, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш мақсади белгиланган бўлиб, ушбу мақсадга хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш орқали эришиш мумкин.
Шунингдек, ушбу мақсад йўлида фуқароларни яшаш жойи бўйича ҳисобга олиш тизимини янада соддалаштириш ва аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш, бошланган ислоҳотларни якунига етказиш, жиноят, жиноят-процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш, жиноий жазолар ва уларни ижро этиш тизимига инсонпарварлик тамойилини кенг жорий этиш, ушбу йўналишда махсус қонун қабул қилиш, ювенал адлия тизимини шакллантириш ҳамда бола ҳуқуқлари қонунчилигини кодификациялаш белгиланган.
Навбатдаги асосий мақсад давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини оширишни назарда тутади. Бунда, асосий вазифалар сифатида маъмурий судларда мансабдор шахсларнинг қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш орқали суд назоратини қўллаш соҳасини кенгайтириш, “Хабеас корпус” институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш, суд процессида томонларнинг ҳақиқий тенглик ва тортишув тамойилларини рўёбга чиқариш, суд тизимини босқичма-босқич рақамлаштириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш кабилар белгиланган.
Тараққиёт стратегиясидаги яна бир асосий мақсад – жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этишнинг самарали тизимини яратиш ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни, жамоат тартибини сақлаш бўйича патруллик хизмати фаолиятини тубдан такомиллаштириш, замонавий ахборот технологияларини жорий этган ҳолда фуқарони ички ишлар бўлимига текшириш учун олиб бориш амалиётидан воз кечишни талаб этади.
Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг янги қиёфасини шакллантириш ва уларнинг фаолиятини халқ манфаатлари, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга йўналтириш мақсадида ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш белгиланди.
“Қонун – устувор, жазо – муқаррар” тамойилини бош мезонга айлантириш орқали қонунийликни қатъий таъминловчи, очиқ ва адолатли прокуратура фаолиятининг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш, тезкор-қидирув ва тергов фаолияти устидан назоратни кучайтириш, фуқароларнинг қадр-қиммати ва эркинлигини самарали ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда жиноятлар ҳақида хабарларни ҳисобга олиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жиноятларни яшириш ҳолатларининг олдини олишда замонавий усуллардан фойдаланиш каби вазифалар белгиланган.
Яна бир асосий мақсад сифатида суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини таъминлаш белгиланган. Ушбу мақсадга эришиш суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этишни, суд ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишнинг муқобил, суддан ташқари усулларидан фойдаланиш кўламини кенгайтириш белгиланмоқда.
Шу билан бирга, ушбу мақсад доирасида мажбурий ижро органлари фаолиятига халқаро стандартларни босқичма-босқич жорий этиш ва айрим функцияларни (суд ҳужжатлари бундан мустасно) хусусий секторга ўтказиш, давлат ижрочилари иш юкламасини камайтириш вазифаси ҳам назарда тутилмоқда.
Юқоридагилар билан бир қаторда, Тараққиёт стратегиясида белгиланган адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондириш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва фуқаролар ўртасида қонунга ҳурмат ҳиссини шакллантириш каби улуғ мақсадлар белгиланган бўлиб, мазкур мақсадлар аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга ёрдам беради.
Хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш билан боғлиқ мақсад ва вазифалар мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлигига асосланган демократик ҳуқуқий давлат барпо этишга, фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти юксалишига, тадбиркорлик фаолияти учун қўшимча ҳуқуқий кафолатларни белгилашга ва энг асосийси, юртимизда адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш орқали “Инсон қадри учун” тамойилини тўлақонли рўёбга чиқаришга хизмат қилиши аниқ.
Қорақалпоғистон Республикаси
маъмурий судининг бош консультанти Д.Зиямбетов




