Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29-моддасида, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади, қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади, деб белгиланган.
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш тамойили асосида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Халқнинг ҳуқуқий ёрдамга мухтож қатламини малакали юридик ёрдам кўрсатиш билан таъминлаш борасида ҳам қонунчиликда ўзгаришлар бўлмоқда.
Жумладан, 2024 йил 27 февралдаги 915-сонли Ўзбекистон Республикаси “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Респуликаси Жиноят процессуал, Жиноят ижроия, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик процессуал ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Қонун қабул қилиниши билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 60-моддаси, суд аризачининг илтимосига кўра, «Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўриши шарт, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокат жалб этиладиган пайтга қадар суд ишнинг муҳокамасини кейинга қолдиради, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатни жалб қилишда адвокатнинг ишда иштирок этиши тасдиқланган пайтдан эътиборан унга ишга киришиш учун камида тўрт соат вақт берилиши керак, деган нормалар киритилди.
Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги қонунга мувофиқ,
1) кам таъминланган шахслар, агар улар:
фуқаролик ишлари бўйича даъвогарлар ёки жавобгарлар;
маъмурий ишлар бўйича аризачилар;
маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахслар;
жиноят ишлари бўйича гумон қилинувчилар, айбланувчилар, судланувчилар, шунингдек маҳкумлар бўлса;
2) руҳий ҳолати бузилган жисмоний шахслар, уларга «Психиатрия ёрдами тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ психиатрия ёрдами кўрсатилаётганда;
3) ўз ҳуқуқлари бузилган, «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги бузилганлиги муносабати билан судга мурожаат қилган жисмоний шахслар;
4) Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ жиноят иши бўйича адвокат иштирок этиши шарт бўлган тақдирда, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи давлат томонидан бепул юридик ёрдам кўрсатадиган малакали адвокат хизматидан фойдаланади.
Бунда кам таъминланган оила деганда «Ягона ижтимоий реестрда турувчи оила аъзоси тушунилади.
Мазкур шахслар ишга тиклаш, иш ҳақини ундириш ҳақидаги,
алиментларни ундириш ҳақидаги;
уйга киритиш, турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқини йўқотган деб топиш ва кўчириш тўғрисидаги;
меҳнатда майиб бўлганлик ёки соғлиқнинг бошқача тарзда шикастланганлиги, шунингдек боқувчининг вафот этганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги ва бошка ишлар юзасидан давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар давлат ҳисобидан адвокат ёрдамидан фойдаланилиш хуқуқига эга.
Қонуннинг аҳамияти шундан иборатки, қонунга киритилган ўзгартириш билан аҳолининг кам таъминланган қатлами, зўравонликка учраган аёллар ва руҳий касалликка чалинган шахсларнинг ҳам малакали юридик ёрдам билан бепул таъминланиб, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд ва тергов органларида самарали ҳимоя қилинади, асосийси инсон қадри улуғланади.
Р.Худайберганова
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси